Андижонда ҳоким ёрдамчиларидан бири яшаш уйидаги молхонада осилган ҳолда топилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг UzNews.uz’га хабар беришича, жорий йилнинг 16 апрель куни соат 16:15 ларда 1984 йилда туғилган, Марҳамат туманида яшаган М.Ф.нинг яшаш хонадонидаги молхонанинг тўсинига арқондан сиртмоқ ясаб, унга ўзини-ўзи осиб вафот этганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Аниқланишича, фуқаро Ф.М.га нисбатан бирон шахс томонидан муттасил равишда тазйиқ ўтказиш, ҳақорат қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаганлиги маълум бўлди.
Марҳум Полвонтош МФЙнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.
Шунингдек, суд-тиббий экспертизасининг жорий йил 5 майдаги
171-сонли хулосасида Ф.М.нинг ўлимига осилиши туфайли бўйин соҳаси аъзоларини сиртмоқ билан қисилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия, бўйин соҳасидаги кенг, очиқ странгуляцион эгат мавжудлиги, бўйин юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши, ўпкани вицерал плевра варақлари ва юракни эпикард остига қон қуйилишлари (Тардъе доғлари), ўткир ҳолда юрак қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув давом эттирилмоқда.