Сурхондарё вилояти ДХХ бошқармаси томонидан амалга оширилган тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи А.А.нинг "Redmi 6 А" русумли телефон аппарати кўздан кечирилган вақтда Telegram'да унинг шахсий телефон рақамига очилган профилига хорижий давлатга тегишли рақам фойдаланувчиси ҳисобланган Ўзбекистон фуқароси С.А.дан Шайх Обидхон қорининг "Олимларимизни ҳимоя қилайлик"”, Муҳаммад Рафиқ қорининг "Исломий сиёсат ва халифалик нима?" ва Рашод қорининг "Халифалик ҳақида" номли маърузалари келгани аниқланди. Бу видеоматериалларни у бошқаларга ҳам тарқатгани маълум бўлди. Бу ҳақда Уза хабар берди.
Ушбу маърузалар DVD+R дискига кўчириб олиниб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага юборилди.
Унга кўра, ушбу видеоматериаллар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга қаратилган, уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган.
Давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қиладиган ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатган шахсга нисбатан ЖКнинг 159 ва 244-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.