Фарғонанинг Марғилон шаҳрида яшовчи аёл шаҳар руҳий асаб касалликлар шифохонасида "д" назоратига олинган, муомалага лаёқатсиз деб топилган 1961 йилда туғилган Собирова ўғли билан 2008 йилдан буён бирга яшаб келган. Оилада турли келишмовчиликлар сабабли она ва ўғил ўзаро жанжаллашиб келишган.
2021 йил 30 сентябрь куни соат 20:00 атрофида Собиров маст ҳолатда яшаш хонадонига келган ва онаси билан жанжаллашган. Жаҳл отига минган ўғил қасддан онасининг кўзи ва елкасига бир неча маротаба зарба берган. Тан жароҳати олиш натижасида Собирова воқеа жойида вафот этган.
Онасини уриб ўлдирган ўғил ЖКнинг 97-моддаси 2-қисмининг "в" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида Собировнинг иши кўриб чиқилди.
Бундан аввал Собиров отасининг ўлимига сабабчи бўлиб Марғилон шаҳар судининг 2016 йил 9 февралдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми "д" банди билан 9 йил озодликдан маҳрум этилган эди.
Суд ҳукмига кўра ЖКнинг 60 (Бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) ва 61 (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддаларига асосан Собировга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.