Олий суди Ахборот хизмати хабарига кўра, 2021 йил 23 март куни, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида International Job Organization хусусий бандлик агентлиги ва унга алоқадор бўлган МЧЖнинг 14 нафар мутассадиларига нисбатан жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни ўз ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси А. Эргашев томонидан кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, МЧЖнинг 10 нафар маъсул раҳбарлари Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, турли муддатга озодликдан маҳрум қилинди, айримларига эса аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Жиноят оқибатида 2 368 нафар жабрланувчига етказилган 17 063 069 928 сўм моддий зарар судланувчилар Ш. Абдурахманов, Б. Очилов, Г. Думанова, Ж. Пардаев, Х. Уразолиев, А. Ахмаджанов, Д. Исломова, Ғ. Хасанов, Ж. Турсунов, А. Шукуров, Б. Пўлатов ва Б. Жалоловдан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.
Жиноят оқибатида 6 нафар жабрланувчига етказилган 172 545 183 сўм моддий зарар судланувчилар Ш. Носиров ва Б. Жалоловдан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.
Судланувчи Б. Жалоловдан жабрланувчи С. Хамидовнинг фойдасига 26 264 800 сўм ва О. Қобиловнинг фойдасига 34 669 536 сўм ундирилиши белгиланди.
Жиноят иши бўйича хатланган 1 104 778 352 сўм пуллар ва 12 678 426 462 сўмга баҳоланган мол-мулклар пропорционал тартибда етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилиши ҳамда ундирилиши лозим бўлган зарар миқдоридан чегирилиши белгиланди.