Коронавируснинг янги тўлқини ер юзи аҳолисининг энг катта қисми яшайдиган Хитойда ҳам бошланмоқда. Бу ерда аниқланаётган янги ҳолатлар "омикрон"нинг ВА.2 мутациясини ташкил этяпти, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Ўзбекистонда ўтган куни 1,5 мингга яқин кишида ушбу вариант аниқланди. Цзилинь провинциясида 900га яқин одам инфекцияни юқтирган. Шанхай ва Шэньчжэнь шаҳарларида ҳам хасталикка чалинганлар сони ошмоқда.
ССВнинг айтишича, Хитой ҳукумати касаллик янада кенг тарқалмаслиги учун қатъий чекловларни жорий қилмоқда. Беморлар билан алоқада бўлганлар мажбурий карантинга олиняпти. Баъзи ҳудудларда эса "локдаун" эълон қилинмоқда.
Шунингдек, ВА.2 Европанинг қатор мамлакатларида ҳам фаол тарқала бошлади. Буюк Британия, Бельгия, Швейцария ва Нидерландияда сўнгги кунларда касалланишлар сони яна ўса бошлаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги штамм "омикрон"дан ҳам юқумлироқ. Энг ёмони, унга чалинганда касаллик нисбатан оғир асоратлар билан кечиши таъкидланди. COVID-19'нинг ушбу штамми беморнинг ўпкасини зарарлаши кузатилмоқда.
Ушбу вирус мутациясига ташхис қўйиш бирмунча мураккаб. ВА.2 кўп ҳолларда одатдаги ПЗР тестларида намоён бўлмайди. Шу сабабли ВА.2 аллақачон "яширин штамм" номини олган.