Польша чегарасида уч нафар Ўзбекистон фуқароси автоҳалокатга учради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Унинг ёзишича, Ўзбекистоннинг уч фуқароси: Ҳакимов Отабек Равшанбек ўғли (2001 йилда туғилган), Хусаинов Беҳзод Жамолиддин ўғли (2001 йилда туғилган) ва Солоҳиддинов Шерзод Шавкат ўғли (2001 йилда туғилган), Польша чегарасига кираверишда автоҳалокатга учради.
Даҳшатли фожиа натижасида, Ҳакимов Отабек воқеа жойида вафот этди. Қолган икки ўзбекистонлик Львовдаги шаҳар касалхонасига ётқизилган.
Ушбу воқеаларни инобатга олиб, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси зудлик билан элчихона кўнгиллилари гуруҳи вакили, малакали шифокор Темурбек Юсуповни Львовга жўнатди. Унинг Львовга келиши бугун 5 март куни кутилмоқда.
"Ҳакимов Отабекнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳолда, жабрланган ватандошларнинг барча қариндошлари ва яқинларини ишонтириб айтамизки, элчихона уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жумладан, дори-дармонлар билан таъминлаш ва Украинанинг етакчи шифокорлари билан маслаҳатлашиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
Шунингдек, элчихона О.Ҳакимовнинг жасадини халқимиз анъаналарига мувофиқ мумкин бўлган энг тез вақтда ўз Ватанига жўнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширади", - дейилади хабарда.