25 март куни “Амирсой”га олиб борадиган йўлнинг 3-километрида йўл чўкиши кузатилгани сабабли автомобиллар ҳаракатланиши чеклангани ҳақида хабар бергандик.
Автомобиль йўллари қўмитаси муносабат билдириб, ҳодисани “Амирсой” тоғ-чанғи курорти ҳудудида кўп миқдорда қор ва ёғингарчилик кузатилиб, намгарчилик меъёридан ортиши сабабли ҳудуддаги грунт ва тоғ жинсларида геологик силжиш содир бўлгани билан изоҳлаганди.
Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати мазкур йўл бўйича қўшима маълумот берди.
Аниқланишича, февраль ойида тоғли ҳудудларда ёғингарчиликлар йиллик меъёрнинг 366 фоизи миқдорида, март ойида йиллик меъёрнинг 229 фоизи миқдорида ёғингарчилик кузатилгани натижасида мазкур йўлнинг 15 – 21 пикети оралиқларида йўл қатнов қисмида дастлабки кичик ёриқлар ва чўкишлар содир бўла бошлаган.
2021 йилнинг февраль ойининг биринчи ва иккинчи декадасида ҳарорат бирдан исиб кетиши, қорнинг тез эриши, мавжуд қор уюмлари устига ёмғир ёғиши ва февраль ойининг учинчи декадасида қор ёғиб, ернинг музлаб қолиши оқибатида ёғингарчилик миқдори кўпайиши ҳамда ер ости сувларининг кўтарилиши кўчкининг фаоллашишига олиб келди.
Қайд этилишича, “Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли қурилиши 2018 йил сентябрида бошланган бўлиб, қурилиш жараёнида Германия, Испания ва бошқа хорижий мамлакатларнинг мутахассислари таклифлари инобатга олинган. Трассанинг ўта нам жойларида йирик донадор тошлардан ёпиқ дренажлар, хавфли қияликлар остидан темир-бетон тўсиқ деворлари қуриш ишлари амалга оширилган.
Мутахасcисларнинг фикрига кўра, тоғли ҳудудларда бу каби қурилган йўллар 5 йилдан 10 йилгача вақт давомида аста-секин ўз жойига мустаҳкамланиб боради.