Бугун ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтган йўлдан шер боласини топиб олингани ҳақидаги видеотасвир тарқалди. Унда шер боласи ҳозирча кимга тегишли эканлиги номаълум айтилган.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳолат юзасидан берган изоҳига кўра, беришича, шер боласи топиб олинмаган, аксинча Қашқадарёдан Андижонга кетаётган автомашина ҳайдовчисидан олиб қолинган.
Аниқланишича, Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилаётган рейд давомида Қашқадарёдан Андижонга ҳаракатланаётган автомашина текширилганда, унда шер боласи олиб кетилаётгани аниқланган. Вилоят экология бошқармаси мутахассисларининг шер боласининг қаердан, нима учун олиб кетилаётганлиги ҳақидаги саволларига ҳайдовчи аниқ жавоб бермасдан ҳужжатларни тақдим қила олмайди. Сал ўтмай эса “ҳужжатларни олиб келаман” деб шер боласини ташлаб қочиб кетади.
Шундан сўнг олиб борилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи ушланган ва айни пайтда дастлабки суриштирувлар олиб борилмоқда. Шер боласи эса Самарқанд вилояти Экология бошқармасида ўрнатилган тартибда вақтинча сақланмоқда.