«Ҳозирги кунда мамлакатда эпидемиологик вазият бундай: биз касалланишлар сони кўпаяётганини кузатяпмиз, «омикрон» штамми лаборатор тасдиқланган. Бунда, касалланган кишиларнинг 85 фоизида «омикрон» штамми, 15 фоизида — «дельта» штамми ва қолган ҳолатларда мавсумий грипп аниқланмоқда.
Декабрь ва январь ойларининг бошларида биз 20-30 нафар касалланган кишиларни қабул қилган бўлсак, ҳозирда бизга 600га яқин бемор мурожаат қилмоқда. Бунда, мурожаат қилганлар оғир аҳволда эмас, балки касаллик енгил ўтаётган беморлардир. Ушбу миқдордан ҳақиқатда ҳам зарурат бўлган 150 нафардан 200 нафаргача беморлар касалхонага ётқизилмоқда», — деди Дониёр Миразимов.
Унинг сўзларига кўра, 15 фоиздан 20 фоизгача бўлган беморлар оғир аҳволда. Булар асосан қариялар, сурункали касалликлари бор кишилар ва эмланмаганлар.
«Британия ва Россия мутахассисларининг маълумотларига кўра, «омикрон» штамми билан касалланганларнинг 80 фоизида касалхонага ётишга зарурат йўқ. Беморларнинг бор-йўғи 20 фоизини шифохонага ётқизиш керак. Биздаги вазият озгина бошқачароқ, ва беморларнинг бундан ҳам кўпроғида касалхонага ётишга зарурат йўқ, деб ўйлайман. Бу биздаги аҳоли анча ёшроқ эканлиги билан боғлиқ», — деди мутахассис.
Дониёр Миразимов «омикрон» штамми билан касалланганда ўпка зарарланмаслиги ва вирус асосан юқори нафар йўлларида туриб қолиши сабабли, енгил шаклда касалланган беморларга касалхонага ётиш тавсия этилмаслигини қайд этиб ўтди. Бундай ҳолатда одам ҳаракатланиши керак, касалхона шароитида эса бунинг имкони йўқ.
«Мен, шунингдек, компьютер томографиясини ҳам тавсия қилмайман. КТ — бу тадқиқотнинг рентгенологик усули. Нима бўлганда ҳам, бу нурланиш ва бундай вазиятда унинг кераги йўқ. КТ аниқ кўрсатмалар бўйича қилинади, титраш ва танадаги оғриқ эса аломат эмас», — дея қўшимча қилди шифохона раҳбари.
Мутахассис мустақил равишда ёки саводсиз шифокорлар кўрсатмаси билан даволаниш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
«Бизда негадир, даволанишни кучли антибиотиклардан бошлашади. Бунда, «омикрон», «дельта» ёки мавсумий гриппми фарқи йўқ — буларнинг барчаси вирусли инфекциялардир. Антибиотиклар вирусга нисбатан ҳеч қандай таъсирга эга эмас, ва кўплаб ножўя таъсирлари бор», — деди Дониёр Миразимов.