Бугунги видеоселектор йиғилишида навбатдаги муҳим масала – пандемияга қарши кураш бўйича Ўзбекистондаги вазият муҳокама қилинди.
Йиғилишда жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160-180 нафарни ташкил этаётгани айтиб ўтилди. Бунинг сабаби сифатида эса аксарият фуқароларнинг хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолгани кўрсатиб ўтилди.
Президент коронавирус бўйича вазият жиддий тус олганини инобатга олиб, бош вазир ва вилоят ҳокимларига уч кун муддатда коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш бўйича топшириқ берди.
– Янгидан иш бошламасак, аҳволимиз яхши бўлмайди. Бу касалнинг охири кўринмаяпти. Энг ёмони, қўшни давлатларда ҳам авж олаяпти. Талаб жуда қаттиқ бўлади, олдинги тизимга ўтамиз. Бирон жойни ёпмаймиз, лекин энг юқори даражада эҳтиёт чораларини кўрамиз. Касаллик ёнимизда юрганини унутиб қўйдик, – деди давлат раҳбари.
Мутасаддиларга душанбагача ҳамма тегишли хизматларни оёққа турғизиш, касалларни даволашни тезлаштириш, дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда апрель – июнь ойларида хавф гуруҳига мансуб 4 миллиондан ортиқ аҳолини коронавирусга қарши эмлаш масаласи ҳам айтилди. Эмлаш ишлари 3 босқичда ташкил этилади. Фуқароларни яшаш ҳудудлари бўйича эмлаш куни ва жойи ҳақида аҳолини хабардор қилиш электрон тизимини йўлга қўйилади.
Ҳукумат комиссиясига Хитойдан яна 3,5 миллион доза ва Россиядан 1 миллион доза вакцина сотиб олиш бўйича шартномаларни имзолаш вазифаси юклатилди.