Aпрел ойи бошида Тошкент шаҳридаги 4 та савдо нуқталари – “Чорсу” ва “Фарҳод” бозорларида, “Корзинка” ва “Макро” супермаркетларида 28 та маҳсулот бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал нархлари бўйича мониторинг ўтказилди. Тегишли ҳисобот Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти сайтида эълон қилинди.
Мониторинг натижасида 2021 йил феврал ойига нисбатан 28 та маҳсулотдан 20 тасининг нархи ўзгаргани аниқланди. 3 та маҳсулот (оқ карам, картошка ва гуруч) бўйича минимал нархларнинг 14,2-17,2% оралиғида пасайиши кузатилган.
Қолган 17 та маҳсулотнинг нархлари ошган. Нархлар ўсишида олма етакчи бўлиб, унинг минимал нархи 2 ой ичида икки бараварга ошган.
Помидор, лавлаги, апельсин, мандарин, бодринг каби бир қатор мева-сабзавотларнинг нархи ҳам сезиларли ошган - нархларнинг ўсиши 20 фоиздан 50 фоизгача. Таъкидланишича, бунда мавсумийлик омили муҳим роль ўйнайди ва нархларнинг бундай кўтарилиши ҳавотир уйғотмайди.
Мавсумий бўлмаган маҳсулотларга келсак, нархлар ўсишида етакчи – товуқ тухуми бўлган. 2 ой мобайнида уларнинг минимал нархи 15,4 фоизга ўсган.
Бундан ташқари, гўшт нархи сезиларли даражада ошган. Мол гўшти 9,1 фоизга, товуқ гўшти 8,8 фоизга, қўй гўшти 3,8 фоизга қимматлашди.
Жаҳон бозорида нархларнинг кўтарилиши ортидан ўсимлик ёғи нархи 7,4 фоизга ошган. Ушбу турдаги маҳсулотни Ўзбекистонга импорт қилувчи мамлакатлардаги вазият таъсир қилган.
Шунингдек, мониторинг давомида МДҲ ва Европанинг 16 та пойтахтидаги супермаркетларнинг айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал нархи ўрганилди ва Тошкентдаги супермаркетлардаги нархлар билан қиёсий таҳлил ўтказилди.
Тошкент ва бошқа мамлакатлар пойтахтлари супермаркетларидаги нархларнинг қиёсий таҳлили:
Тошкентдаги супермаркетларда пастеризация қилинган сутнинг минимал нархи литри учун 0,82 долларни ташкил этган, бу таҳлил қилинаётган мамлакатлар учун ўртача 18,8 фоизга ва Бишкек (Қирғизистон) сутининг минимал белгиланган нархидан 93,0 фоизга юқори. Қайд этилишича, пастеризация қилинган сут нархларининг юқорилигининг асосий сабаби бозордаги ривожланмаган рақобатдир.
Картошканинг минимал нархи 1 кг учун 0,46 долларни ташкил этади, бу Aнқара (Туркия) картошкасининг белгиланган минимал нархидан 2,3 баравар юқори.
Кунгабоқар ёғининг минимал нархи 1 литр учун 1,7 долларни ташкил этган, бу таҳлил қилинаётган мамлакатлар учун ўртача кўрсаткичдан 6,7 фоизга юқори ва Бишкекдаги (Қирғизистон) кунгабоқар ёғининг белгиланган минимал нархидан 2,0 баравар юқори.
Макарон маҳсулотларининг минимал нархи 1 кг учун 0,83 долларни ташкил этади, бу Минскдаги (Беларусь) макарон учун белгиланган минимал нархдан 83,4 фоизга юқори.
Мол гўштининг минимал нархи 1 кг учун 5,2 долларни ташкил этади, бу Минск (Беларусь) даги мол гўшти учун белгиланган энг паст нархдан 56,5% юқори.