Жорий йил 15 апрель куни Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ва Департамент ходимлари томонидан Тошкент вилоятида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда фуқаро А.Ж. ўзини Бош прокуратура Департаментида, яқин қариндоши эса Бош прокуратурада юқори лавозимда ишлашини қайд этиб, фуқаро Б.Ю.дан Тошкент вилояти ҳудудида 1,5 гектар ер майдони ажратилишида тегишли қарор чиқартириб беришни ваъда қилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига шу кунга қадар 51 100 АҚШ долларини қўлга киритиб, қолган 24 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Таъкидланишича, гумонланувчи А.Ж. муқаддам Жиноят кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун қидирувда бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондор шахс процессуал тартибда ушланган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти аҳолини ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлашини айтиб, бирор масалани моддий манфаатдорлик эвазига ҳал қилиб беришни ваъда қилаётган шахслардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.