Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, вилоятдаги 58-сонли боғчада 141 нафар тарбияланувчи таълим олаётгани хабар қилинган. Аммо амалда бу рақам 186 та эканлиги аниқланди. Гуруҳ қувватлари кичик гуруҳ учун 49 тага, тайёрлов гуруҳи учун 45 тагача оширилган.
Шунингдек, 8 нафар тарбияланувчи боғчадан кетган бўлишига қарамай, улар OpenEmis тизимидаги рўйхатдан ўчирилмаган. Бу, бўш ўринларнинг шакллантирилмаслигига ҳамда гуруҳларга болалар ноқонуний қабул қилинишига йўл очган.
Ушбу боғча директори ташкилотда ишламаган 5 нафар шахсга жами 17 млн 793 минг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни берган.
7-МТТда эса OpenEMIS тизимида 14 та гуруҳда 348 нафар бола кўрсатилган, лекин 12 та гуруҳда 275 нафар бола борлиги маълум бўлган, уларнинг 29 тасида йўлланмалар мавжуд эмас. Бундан ташқари, таъминотчи томонидан МТТга сариёғ ўрнига “Спред” (сут ёғи ўрнини босувчи модда) маҳсулоти олиб келинганлиги аниқланган.
31-МТТда ишчи гуруҳ ўрганишлар билан овора бўлган пайтда, ошпаз пишиб турган овқатга хом товуқ гўшти солинган, яъни меъёр талабидаги гўшт маҳсулоти пишган овқатга хомлигича солинди.
38-МТТ биносида қулфланган хона борлиги, унда 20 та болалар кровати ва 10 нафар бола борлиги аниқланди. OpenEMIS тизимида 14 та гуруҳда 348 нафар бола бўлиб, ҳақиқатда 12 та гуруҳда 275 нафар болани ташкил этмоқда, уларнинг 29 тасида йўлланмалар мавжуд эмас.
Ўрганиш натижаларида мактабгача таълим вазири иштирокида фаолиятида камчиликка йўл қўйган мудиралар билан танқидий-таҳлилий учрашув ўтказилган, айримлари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.