Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Сенат раиси турли соҳаларда бюджет маблағларларини талон-торож қилиш ҳолатларига барҳам берилмаётганини танқид қилди.
Сенат раиси, жумладан, халқ таълими ва мактабгача таълим тизимидаги молиявий камомад ва ноқонуний ўзлаштиришларга тўхталди.
– Тизимдаги қурилиш-таъмирлаш ишларида қарийб 6 млрд сўм нотўғри сарфланган. Беруний туманида 420 млн сўмга қурилиб, фойдаланишга топширилди, дея кўрсатилган мактаб филиали, аслида бўм-бўш ер бўлиб чиққани ақлга сиғмайди.
Мактабгача таълим тизимида эса 48 млрд сўмдан зиёд молиявий хатоликларга йўл қўйилган. Қарийб 4,5 млрд сўм маблағ ноқонуний ўзлаштирилган.
Савол туғилади, ушбу соҳаларда ички назорат тизими йўқми, марказий аппаратлардаги сон-саноқсиз бошқармалар нима билан банд? – дейди Танзила Норбоева.
Шунингдек, мажлисда ҳокимликлар томонидан ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳолатларига барҳам берилмаётгани коррупцияни келтириб чиқараётгани таъкидланди.
Миллиардлаб маблағлар давлатга тушум қилинмаяпти. Ҳар йили ҳисобот эшитганимизда миллиардлаб бюджет маблағлари талон-торож қилинаётганлиги ёки мақсадсиз сарфланганлигини гувоҳи бўляпмиз. Савол туғилади, бу қачонгача давом этади, – дейди Сенат раиси.
Мажлисда ижро органлари фаолияти, хусусан улар томонидан бюджет маблағлари сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш кераклиги таъкидланди.