Президент Матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Бангладеш Халқ Республикаси элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Аълам, Чехия Республикаси элчиси Вацлав Йилек, Миср Араб Республикаси элчиси Амира Фаҳмий, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддод, Туркия Республикаси элчиси Олган Бекар, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Шарлотт Адриан ва Россия Федерацияси элчиси Олег Мальгиновдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Тадбир бошида давлат раҳбари янги тайинланган элчиларни Ўзбекистондаги дипломатик миссияси бошлангани билан самимий табриклади.
Ўзбекистон хорижий мамлакатлар ва халқаро тузилмалар билан конструктив мулоқотни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва амалий шерикликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди.
Республикада амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган стратегик дастур ва лойиҳаларнинг устувор йўналишлари алоҳида қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев янги тайинланган элчилар билан қисқа суҳбатлар ўтказди.
Дипломатлар самимий қабул ҳамда самарали фаолият учун яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш учун бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.