Олий Мажлис Қонунчилик палатасида коронавирус пандемияси давом этаётган даврда аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш ҳамда нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймасликка қаратилган "Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлашнинг қўшимча чоралари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Фарҳод Зайниев хабар берди.
Қонун лойиҳасига кўра, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар бўлган даврда қуйидагиларни қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилиш таклиф қилинмоқда:
— Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
— ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмаси.
Бунда, хўжалик юритувчи субъектларга ўзлари томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлаш натижасида ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғининг 50 фоизидан ошмаган қисмини экспорт қилишга рухсат берилади.
Қайд этилишича, ДБҚ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ҳамда кунгабоқар уруғларини қайта ишлашдан олинган ўсимлик ёғи ҳажмига нисбатан экспорт шартномалари доирасида амалга оширилган экспорт ҳажми 50 фоиздан ошишига йўл қўйилмаслиги бўйича назорат ўрнатади.
Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланган ва Cенатга юборилган.