Жорий йил 19-24 апрель кунлари Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штатидаги “Camp Shelby” ҳарбий ўқув базасида ўтказилган “Илғор жангчи” мусобақасининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати UzNews.uz’га маълум қилишича, маросимда Мисиссипи штатидаги Қуролли Кучлар тузилмалари вакиллари, фахрийлар ва мусобақа иштирокчилари қатнашган.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ҳамда кичик сержант Хайрулла Олимовлар мусобақа ғолиблари учун бериладиган “Илғор жангчи” мукофоти ва кўкрак нишонларига лойиқ деб топилди ва тақдирландилар.
Маълумот учун, ушбу мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилда ҳам 1-ўринни қўлга киритган эди.
Ғолиб ҳарбий хизматчилар 27 апрель куни Ўзбекистонга етиб келади.