Жорий йил 28 апрель куни президент томонидан янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Унга мувофиқ Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати яна 4 та – Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Бизнес-омбудсман ҳамда фуқаролар ва юридик шахслар билан кенгайтирилди.
Шунингдек, Қонуннинг янги таҳрири билан Конституциявий суд судьяларининг дахлсизлик кафолатларини кучайтириш мақсадида судьяни ўта оғир ёки қасддан, инсон ўлимига сабаб бўлган жиноят содир этганликда айбланган ҳолатларда ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин бўлган тартиб ўрнатилди.
Бундан ташқари, Конституциявий суд судьялари сони 7 нафардан 9 тага кўпаймоқда.
Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати қуйидагича белгиланмоқда:
– дастлабки сайловда 5 йил,
– кейинги сайловда 10 йил (илгари - 5 йил).
Шу билан бирга мазкур Қонунга мувофиқ, Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш (5 йил муддатга, лекин кетма-кет икки муддатдан кўп бўлмаган муддатга) ва уларни лавозимидан озод этиш (ёзма ариза тақдим этилганда) тўғрисидаги қоидалар белгиланмоқда.