ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, жорий йил 25 апрель куни соат 19:00 ларда 51 ёшли М.Баҳодир ўзининг бошқарувидаги Lacetti русумли автомашинасини Пастдарғом тумани “Ровот-Боғонали” қишлоғи йўналиши бўйлаб бошқариб, “Ровот” қишлоғининг ички йўлига қайрилаётган вақтида, унинг орқа томонидан бошқа бир Lacetti’да ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи 22 ёшли А. Миржалол ва унинг йўловчилари 36 ёшли Р.Урал, 24 ёшли А. Талат, 18 ёшли А. Фирдавслар унга автомашинани нотўғри бошқариб, уларни автомашинасини қисиб юборганлигини айтиб, ҳақорат қилишади.
Даҳанаки тортишув натижасида Ровот ва Боғонали қишлоғида яшовчи жами 17 нафар фуқаро ўртасида жанжал юзага келиб, бир-бирларини уриб дўппослашади.
Олиб борилган терговга қадар текширувда, жанжалда фаол иштирок этган 17 нафар фуқародан 15 нафари турли кўринишдаги тан жароҳатлари олганликлари, улардан 3 нафари аёл киши эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида ушбу жанжалнинг келиб чиқиш сабаблари, айбланувчилар доираси аниқланиб ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Ҳозирда тергов давом этмоқда.