Ўзбекистонда электр тармоқлари ва трансформаторларнинг 4 фоизи 2016 йилга қадар таъмирланган эди. Рақамларда кўрилса 25 йил давомида республика бўйича 9 минг 300 километр электр тармоқлари ва 4 минг 800 та трансформаторлар янгиланган.
2017 йилдан буён 25 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 8 минг 900 та трансформаторлар тўлиқ янгиланди. Кўриш мумкинки, бу рақамлар олдинги 25 йилга нисбатан 2,5 бараварга кўпдир.
Маълумот учун давлат раҳбари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ишлар аввалроқ қилинмаганига сабаб шу даврга қадар газ, электр тизимининг ҳисоб-китоби бўлмаганида эканлигини айтган эди.
“Кўпчилик ўйлаши мумкин, нега шу ишлар 4 йил аввал қилинмаган деб. Буни ўша пайт қила олмасдик, чунки газ, электр тизимининг ҳисоб-китоби йўқ эди. Ҳозирги электрон ҳисоблаш тизимини йўлга қўйганимиз ҳисобига барчасини йўлга қўйиб олдик. Ўша 455 км қувурни алмаштирамиз, бунда ҳам инвесторларни жалб қиламиз. Бу масала ҳам жуда муҳим. Свет, гази бўлмаса қандай қилиб “Обод маҳалла” ёки “Обод қишлоқ” бўлиши мумкин?”,- деган эди президент.
Дарҳақиқат, вилоятлар аҳолисидан бўлаётган мурожаатлар бу соҳада ҳали амалга ошириладиган ишлар кўп эканлигини билдиради. Шу сабабдан барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда маҳаллалар раислари билан биргаликда маҳаллалар “оғир” ва “ўта оғир” тоифаларга ажратилди.
Ҳар бир вилоят электр тармоқлари алоҳида тизимга айланади
Вилоятларда 14 та лойиҳалаш гуруҳлари ташкил этилди. Бу гуруҳларда 120 дан ортиқ мутахассис иш олиб бормоқда. Ҳар бир лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналари қошида ташкил этилган 171 та махсус қурилиш-монтаж бригадаларига бевосита тақдим этилмоқда.
Бундан ташқари вилоятларда темир-бетон таянчлар ва траверсларни ишлаб чиқарадиган 13 та цех ишга туширилди. 2021 йилда уларда юқори кучланишли тармоқлар учун таянчлар ва изоляторлар маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Мазкур ишлар йўлга қўйилиши билан шу йилнинг ўзида 230 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар иқтисод қилинади.
Ушбу тизим асосида жорий йилда республика бўйича 4 минг 902 та маҳаллада 15 минг километр электр тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади.
Хусусан, “Обод қишлоқ” дастури бўйича 278 та маҳаллада 1 минг 673 километр тармоқлар янгиланади. 595 та трансформаторлар модернизация қилинади.
“Обод маҳалла” дастури бўйича эса 66 та маҳаллада 278 километр тармоқ реконструкция қилинади ва янгидан қурилади. Шунингдек, 94 та трансформатор модернизация қилинади.
Электр энергияси учун 1 трлн 770 млрд, газ таъминоти учун 400 млрд ажратилади
Ушбу ишларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги – 250 миллиард, молия институтлари – 520 миллиард, “Ҳудудий электр тармоқлари” –
1 триллион сўм, жами - 1 триллион 770 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Республикада газ таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда 400 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу маблағ газ таъминоти йўлга қўйилмаган маҳаллаларга газ тармоқлари тортиш, газ тақсимлаш пунктларини таъмирлаш, қўшимча суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш учун сарфланади.