2021 йилнинг 1-чорагида жами 112 нафар аёл, 26 нафар вояга етмаганлар, 595 нафар ёшлар, 29 нафар 60 ёшдан ошган эркаклар, 8 нафар чет эл фуқаролари ва 13 нафар тадбиркорга оид “иш”лар жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан кўрилган.
Бу ҳақда 2021 йил 4 май куни Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан ташкил этилган брифингда маълум қилинди, дея хабар берди UzNews.uz мухбири.
Тошкент шаҳар суди биносида ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжакулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У. Алмамедов шунингдек, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ш. Аббасов, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А. Турабов ҳамда иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси М. Саидовлар иштирок этди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А. Турабовнинг маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2021 йилнинг 1-чорагида 1 596 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 78 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 189 нафарга кўпайган.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳрида 2021 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 1341 тадан 1655 тага, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳақидаги ишлар 114 тадан 289 тага ҳамда кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар 3 130 тадан 4 671 тага кўпайган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар бўйича эса Тошкент шаҳар ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2021 йилнинг 1-чорагида 20 670 нафар (ўтган йилнинг мос даврида 16 688 нафар) шахсга нисбатан маъмурий ишлари кўриб тамомланган.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганларнинг 14,2 фоизини аёллар, 0,3 фоизини вояга етмаганлар, 32,7 фоизини ёшлар, 3,2 фоизини 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 0,6 фоизини 60 ёшдан ошган аёллар ташкил этган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида иқтисодий судловга оид ишлар ҳам жорий даврда жами 7 736 та иш кўриб чиқилиб, ўтган йилга нисбатан 2 409 тага ёки 31,2 фоизга кўпайган. Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 790,2 млрд сўм (2020 йилда 461,9 трлн сўм) ундирилган.