Шавкат Мирзиёев 6 май куни чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Қайд этилишича, ушбу соҳада жойлардаги аҳвол мақсад қилинган катта режаларга мос эмас. Хусусан, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолмоқда. 1 минг 400 та мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз. Мактаблардаги чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган.
Преиздент ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш, малакасига қараб уларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.
Халқаро сертификатнинг дастлабки ва ўрта даражасини олган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 40 фоиз, юқори натижа кўрсатганларга 50 фоиз устама берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, юқори балл олган ўқитувчиларга халқаро сертификат олиш учун тест топшириш харажатлари қоплаб берилади. Келгуси йилдан бошлаб, ишга қабул қилинаётган чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилади.
Кейинги уч йил давомида мактаблардаги 53 минг нафар чет тили ўқитувчиларининг барчаси халқаро сертификат олиши зарурлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимликларига мактабларда чет тилини ўқитиш сифатини ошириш учун маҳаллий бюджетдан ҳар бир туман ва шаҳарга 1 миллиард сўмдан маблағ ажратишга кўрсатма берилди.
Давлат раҳбари чет тиллари бўйича энг яхши мактабларни аниқлаш учун Президент совринини таъсис этиш таклифини билдирди.
Бунда туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида танлов ўтказилади. Туман ва шаҳар босқичида 1-ўринни олган мактаблар 100 миллион сўмдан, вилоят босқичи ғолиблари 250 миллион сўмдан, мамлакатимиз миқёсидаги энг яхши мактаб эса 500 миллион сўм миқдорида мукофотланади. Иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳам мос равишда рағбатлантирилади. Ушбу мактабларнинг директор ва ўқитувчилари давлат мукофотларига тавсия этилади.
Соҳадаги ўзгаришлардан хабардор бўлиб боришлари, янги адабиёт ва қўлланмалар сотиб олишлари учун ҳар бир чет тили ўқитувчисига бюджетдан 1 миллион сўмдан маблағ ажратилиши белгиланди.