Поиск
RUUZ

Общество

Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов вафот этди

У фаолияти давомида қатор лавозимларда, жумладан, давлат маслаҳатчиси, икки марта олий таълим вазири, ректор каби лавозимларда ишлаб келган.

1588views0replies
0

iiau.uz

Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустам Қосимов вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.  
“Таъзия. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси номидан, ўз номимдан давлат ва жамоат арбоби, иқтидорли олим, раҳбар ва устоз, фидоий ва меҳнаткаш инсон Рустам Собирович Қосимовнинг оғир касалликдан сўнг вафот этгани муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия, ҳамдардлик билдираман”, – деб ёзиб қолдирган Шоазим Миноваров.
Маълумот учун, Рустам Қосимов 2004 – 2008 йиллар олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлган, 2004 йил октябридан бир вақтнинг ўзида бош вазир ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2009-2011 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ректорлик қилган.
Бир муддат танаффусдан кейин яъни 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси бош вазирига ўринбосар бўлган, Алишер Ваҳобов ўрнига олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига тайинланган.
У 2017 йилда Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари – Ташкилий-кадр хизмати раҳбари – Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимига тайинланган, 2017 йил ноябрида эса Ўзбекистон президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган.
Рустам Қосимов 2018 йил 31 июлдан буён Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
1588views0replies
0

Комментарии