Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, моҳир режиссёр ва актёр, талабчан устоз ва меҳрибон мураббий Баҳодир Йўлдошев узоқ давом этган хасталик туфайли, 76 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Бу ҳақида Ўзбекистон Кинематография агентлиги хабар бермоқда.
Баҳодир Йўлдошев 1945 йил 7 сентябрда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини тугатган. 1971-1974 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида режиссёр, 1974-1984 йилларда бош режиссёр бўлиб ишлаган.
Ўзбек театрига янгиликлар киритиш, уни янада юксалтириш нияти билан иш бошлаган Баҳодир Йўлдошев Шиллернинг "Қароқчилар", Л.Толстойнинг "Тирик мурда", Уйғуннинг "Абу Али ибн Сино", "Беруний", "Зебуннисо", С.Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони", П.Қодировнинг "Юлдузли тунлар" асарларини саҳнага қўйиб, маданий жамоатчилик назарига тушди.
1984 йилдан бошлаб Аброр Ҳидоятов номли Ўзбек Давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида фаолиятини давом эттиради ва "Майсаранинг иши", "Фармонбиби аразлади", "Искандар" каби асарларни саҳналаштиради. Бу спектакллар матбуотда ижобий баҳоланиб, уларнинг кўпчилиги Халқаро ва Ўзбекистон театр фестивалларининг мукофотлари билан тақдирланди.
Б.Йўлдошев мустақиллик йилларида замон талабига мос янги-янги спектаклларни саҳналаштириш билан айни пайтда "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивали, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва Наврўз байрамларига бағишланган тадбирлар, таниқли шоир ва олимларнинг юбилей тантаналари, Бухоро шаҳрининг 2500 йиллик тўйига бағишланган театрлаштирилган томошаларнинг бош режиссёри сифатида маданий жараёнда фаол иштирок этган.
Ушбу санъат арбоби сермаҳсул ижодий фаолияти давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1979), Ўзбекистон халқ артисти (1995) унвонлари, шунингдек, "Меҳнат шуҳрати", "Эл-юрт ҳурмати", "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.
Кўплаб спектаклларга режиссёрлик қилган Баҳодир Йўлдошев актёр сифатида "Оловли йўллар" (Олчинбек), "Тоғдаги учрашув" (Мухторов), "Олмос камар" (Шерзод), "Ошпаз" (Собиров) каби ўттизга яқин бадиий фильмларда ёрқин образларни яратган.
Унинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
“Марҳум Баҳодир Йўлдошевни сўнгги йўлга кузатиш маросими унинг туғилган қишлоғида, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги ота уйида ўтказилади”, – дейилади хабарда.
Устоз санъаткорнинг вафоти муносабати билан UzNews.uz ахборот агентлиги таҳририяти унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.