Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил бузилган дўкони учун компенсация ундиролмай келаётган тадбиркор тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, хусусий корхона раҳбари бўлган ушбу тадбиркорлар Тошкент шаҳрида умумий майдони 72 кв метрлик савдо дўкони орқали ўз савдо фаолиятини амалга ошириб келган.
Аммо савдо дўкони жойлашган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун шаҳар ҳокимлиги томонидан олиниб, савдо дўкони бузилган. Шу билан бирга, тадбиркорга бузилган савдо дўконнинг ўрнига бошқа бинони ажратиш таклиф этилган. Ушбу бинога бўлган ҳуқуқни тадбиркор номига расмийлаштиришда ҳокимнинг қарор нусхаси лозим бўлган, аммо ҳокимнинг қарори махфий бўлганлиги важ қилиниб, унинг нусхаси тадбиркорга тақдим этилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан бизнес-омбудсман томонидан Чилонзор туманлараро маъмурий судига ариза киритилди.
Натижада суд томонидан компенсация ажратишда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатсизлиги қонунга хилоф деб топилди ва тадбиркорга бузилган бино-иншоот учун компенсация ажратиш юзасидан мажбурият юклатилди.