Самарқанд вилоят прокуратураси хабарига кўра, жорий йилнинг 11 май куни Пастдарғом тумани, “Чандир” маҳалласида яшовчи Р.Х. туман прокуратурасига мурожаат қилиб, 2004 йилда туғилган қизи С.Х. уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолганлигини маълум қилган.
Олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида 12 май куни С.Х.нинг мурдаси туманнинг “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Эски Анҳор” каналидан топилган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳуманинг ўлими, сувга чўкишдаги механик асфиксиядан келиб чиққанлиги, С.Х.нинг қизлик пардаси бутунлиги, бузилмаганлиги, қизлик пардасини бузмасдан туриб жинсий алоқа қилишнинг имкони йўқлиги, шунингдек, марҳуманинг жинсий аъзоларида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Бош прокуратура хабарига кўра, 17 май куни Бош прокуратура масъул ходимлари томонидан марҳуманинг отаси ва укаси қабул қилиниб, терговга қадар текширув ҳаракатларининг бориши юзасидан тушунтириш берилган. Текширувнинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди.