Бектемир туманида қалбаки валюталарни муомалага киритиш ҳолати аниқланди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ИИБнинг Бектемир туман бўлимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Ф.Х ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фуқаро И.дан Samsung A71 телефонини 300 АҚШ долларига, фуқаро А.дан Iphone X телефонини 500 АҚШ долларига сотиб олишга келишиб, уларга қалбаки 800 АҚШ доллари берган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маракаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент фуқароларни қалбакилигини билмагани ҳолда қалбаки валюта қимматликларини олиб, уни кейинчалик ўтказган шахснинг қилмиши ҳам жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирди.
“Ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда Ўзбекистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси ҳисобланган миллий валюта “сўм”дан ёхуд чет эл валютасида очилган ҳисобварақлардан фойдаланиш орқали ўзингизни ноқонуний ҳаракатлардан асраган бўласиз”, – дейилади Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарида.