АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF)нинг берган ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда 2016 йил охиридан минглаб маҳбуслар озод қилинганига қарамай, 2000 дан ортиқ диний ва сиёсий маҳбуслар қамоқда қолмоқда. Уларнинг 1176 нафари махсус колонияларда, 1000 нафари манзил-колонияда сақланмоқда.
Маълумотга кўра, уларнинг умумий сони 2176 кишини ташкил этади. Бу мамлакатдаги маҳбусларнинг 10 фоизга яқинини ташкил қилади. Шунингдек, 2020 йил охирида 43 та қамоқхонада 22 867 нафар маҳбус бўлган.
Тадқиқот ҳукумат маълумотлари, расмийлар, яқинда қамоқдан озод қилинган маҳбуслар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва айни пайтдаги маҳбусларнинг қариндошлари билан суҳбатлар ҳамда суд ҳужжатлари асосида тузилган.
Қайд этилишича, кўп сондаги диний маҳбуслар фақат тақиқланган диний гуруҳларга аъзоликда айбланиб, зўравонликларга алоқадорлиги исботланмаган ҳолда ҳукм қилинган.
“Жиноят кодексининг 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларини бажармаслик) бекор қилинганига қарамасдан, Ўзбекистонда диний ва сиёсий маҳбусларнинг катта қисми қамоқдалик вақтларида янги айбловлар билан ҳукм қайта кўриб чиқилгани сабабли ҳали ҳам ҳибсда сақланмоқдалар. Ҳукмнинг такроран чиқарилиши адолатли судлов стандартларининг бузилиши билан содир бўлмоқда”, - дейилади ҳисоботда.
Маълумотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ушбу диний маҳкумлар учун чиқарилган қайта ҳукмлар тўғрисидаги аниқ маълумотларни тақдим этмаган. Бироқ, ҳисоботга кўра, қайта ҳукм ўқилганларнинг аксарияти ЖКнинг 159, 216, 244- ва бошқа экстремизга оид моддалари бўйича қамалганлардир. Комиссия маълумотларига кўра, бундай маҳкумлар учун янги қамоқ муддатлари 6 йилдан 18 йилгачани ташкил этади.
Комиссиянинг фикрича, ҳукумат имкон қадар тезроқ қамоқдалик вақтида 221-модда бўйича муддати узайтирилган ёки қайта ҳукм ўқилиши билан боғлиқ ҳар бир маҳкум ишини мақсадли тартибда ўрганиб чиқиши лозим.
Ҳисоботда жами 81 маҳкумнинг исмлари келтирилган, улар Тохир Жуманов, Миразиз Мирзаҳмедов, Равшан Каримов, Жамшидбек Отабеков, Шамсиддин Гиёсов, Рустам Турназиев, Номоз Нормуродов, Шуҳрат Усманов ва бошқалар бор.
Алоҳида қайд этилишича, маҳбус Аваз Тўхтахўжаев 1999 йилда биринчи марта судланганидан бери қамоқ муддати беш марта узайтирилган.