Тошкентнинг Чилонзор туманида 2 нафар фуқаро 300 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситасини ноқонуний сотаётганида ушланди.
Фуқаро А.К.нинг вақтинча яшаб келаётган хонадони кўздан кечирилганида, фуқаро И.Ж. томонидан улгуржи сотиш учун қадоқлаб қўйилган 496 дона “Тропикамид” ва 19 дона “Зардекс габапентин” дори воситалари ноқонуний равишда сақланаётганлиги фош қилинди. И.Ж.га тегишли автомобилдан 1 дона қалбаки 100 АҚШ доллари борлиги аниқланди.
Кейин жиноий гуруҳ раҳбари Х.С.нинг Captiva’сидан 29 дона “Селофен залеплон” дори воситаси аниқланди. Унинг Чилонзор туманидаги хонадонидан эса 520 дона “Селофен залеплон”, 219 дона “Регапен прегабалин” ва 2 дона “Тропикамид” борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Унинг Чилонзор туманидаги дорихонасидан 139 дона “Зардекс габапентин”, 337 дона “Карбамазепин” ва 8 дона “Тропикамид” сотувга чиқарилгани фош бўлди.
Шу тариқа, тезкор тадбирда жами 200 млн сўмдан ортиқ 5 турдаги 2069 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига нуқта қўйилди.
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.