Жорий йил 22 май куни Сурхондарё вилояти Термиз туманида қурилаётган “Термиз халқаро савдо маркази” ҳудудидаги ноёб арчалар аёвсиз кесилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдириб, юқоридаги ҳолатга оид фактларни тасдиқлади.
Аниқланишича, вилоятнинг Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегарасига туташ Термиз тумани Айритом маҳалласи ҳудудида “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасини барпо этиш учун вилоят ҳокимининг 2021 йил 6 апрелдаги қарори билан 26 гектар ер майдони ажратилган. Айни вақтда мазкур ҳудудда қурилиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўрганишларга кўра, ҳақиқатан ҳам мазкур ҳудудда МЖтКнинг 79-моддасида назарда тутилган дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш маъмурий ҳуқуқбузарлиги содир этилганлиги аниқланган.
Ҳозирда айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида қонунда белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда судга юбориш чоралари кўрилмоқда.