Ижтимоий тармоқларда Ўрта Чирчиқ тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Асқар Турдиқуловнинг ходим билан мулоқоти ёзилган аудиоёзув тарқалди.
Унда ходим бошқарма бошлиғини мажбурий меҳнатга жалб қилганликда айблаган. Асқар Турдиқулов эса ўз навбатида ходимни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилишни бошлаган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бош бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан ички текширув бошланганини маълум қилди.
“Айни пайтда ушбу раҳбар ходимнинг ўз мансабига лойиқлиги масаласи муҳокама қилинмоқда”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бош бошқармаси муносабатида ҳар қандай даражадаги раҳбарнинг бировни ҳақоратлашга ҳаққи йўқлиги, шунингдек, бу каби ҳолларда фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари лозимлиги таъкидланади.
“Бунақа ҳолатларда фуқароларимиз тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари тарафдоримиз ва касбига нолойиқ ходимларга орамизда ўрин йўклигини билдирамиз”, - дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бош бошқармаси муносабатида.