Президент Матбуот хизмати хабарига кўра, тақдимотда давлат раҳбарига Чирчиқ дарёси бўйидатурли инфратузилма объектлари қурилиши лойиҳаси тақдим этилди. Унга кўра, дарё ўзани қисқартирилиб, қирғоқлари ободонлаштирилади. Очиладиган майдонларда эса замонавий уй-жойлар, дам олиш масканлари ва бошқа иншоотлари қурилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприк кенгайтирилади. 1967 йилда қурилган ҳозирги йўл ўтказгичнинг реконструкция қилиниши эҳтиёжи пайдо бўлган. Шу боис кўприкнинг Кичик ҳалқа йўли билан кесишган жойида айланма шаклидаги йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлиши мўлжалланган.
Бу автотранспортларнинг кўприкка чиқиши ва тушишини осонлаштириши, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаши, тирбандликни камайтиришига олиб келиши режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёевга Миллий боғ ҳудудида барпо этилаётган Magic City маданият ва истироҳат боғининг иккинчи босқичида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Лойиҳага кўра, боғ ҳудудида сунъий кўл ташкил этилади ва унинг атрофида Ўзбекистоннинг тарихий ва диққатга сазовор масканларига бағишланган тематик шаҳарча қурилади.
Президент Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш, унинг атрофини ободонлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.
Қайд этилишича, Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбараси ўзбекистонлик ва афғонистонлик мутахассислар билан биргаликда ўрганилган. Ўрганишлар натижасида анъанавий меъморчилик, санъат ва безак элементларидан фойдаланган ҳолда мақбарани таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Ҳазрат Навоийнинг ҳикматли сузлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилади ҳамда декоратив ўтиргичлар ўрнатилади.
Кириш қисмида саккиз бурчакли масжид бунёд этилади. Кириш пештоғидан ҳовли қисмининг чап ва ўнг томонида ёпиқ услубда айвонлар барпо этилади. Мақбаранинг ташқи кўринишига безак берилади. Гумбаз, мақбара олди ва ён қисмлари майолика элементлари билан ишланади. Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилади.