Поиск
RUUZ

Экономика

Сурхондарёда қурилаётган қуёш электр станциясига тамал тоши қўйилди

Мазкур лойиҳани амалга оширишда 50 дан ортиқ халқаро компаниялар орасида БААнинг “Masdar” компанияси ғолиб бўлган.

824views0replies
0

president.uz

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафарини Шеробод туманида қуёш фотоэлектр станцияси қуриладиган майдонга ташрифидан бошлади.
Президент Матбуот хизмати хабарига кўра, Шеробод туманида қурилиши айтилаётган мазкур объектда Осиё тараққиёт банки техник ва молиявий маслаҳатлари билан иштирок этган.
Мазкур лойиҳани амалга оширишга БААнинг “Masdar” компанияси энг арзон тариф таклиф этиб, ғолиб бўлди.
Лойиҳа доирасида мазкур компания томонидан қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва “Сурхон” нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.
Қуёш фотоэлектр станцияси учун 601 гектар майдон ажратилган. “Masdar” компанияси 260 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Бунинг натижасида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади.
Фотоэлектр станцияси қурилишида минг киши, битганидан кейин 120 нафар мутахассис ишлайди. Ушбу йирик иншоотни 2023 йил августда ишга тушириш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
– Ҳар бир киловатт-соат электр энергиясини 1,8 цент нархида  сотиб олиш имконияти пайдо бўлиб, бу республикамиз иқтисодиёти учун жуда катта ютуқ ва аҳолига енгилликдир. Умуман олганда, ушбу станциянинг барпо этилиши, унда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ва янги инфратузилмалар вилоятнинг комплекс ривожланиши учун катта туртки бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг президент қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши муносабати билан унинг пойдеворига капсула қўйди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки кўмагида амалга оширилаётган умумий қуввати 1 ГВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш дастурининг бир қисми ҳисобланади.
Шунингдек, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуввати 200 мегаваттдан бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, Қорақалпоғистоннинг Беруний ва Қораўзак туманларида қуввати 100 мегаватли шамол электр станциялари, Бухоро ва Навоийда умумий қуввати бир ярим минг мегаватт бўлган 3 та шамол электр станцияларини қуриш бўйича келишувлар имзоланган.
2030 йилга бориб, мамлакатда қуёш электр станциялари қувватларини 5 минг, шамол электр станцияларини 3 минг ва гидроэлектр станциялар қувватини 4 минг мегаваттга етказиш мақсад қилинган.
824views0replies
0

Комментарии