Вазирлар Маҳкамасининг 3 июндаги тегишли қарори билан олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ОТМ талабаларига академик таътил қуйидаги ҳолларда берилади:
— ҳарбий хизматни ўташ учун;
— саломатлигини тиклаш учун;
— ҳомиладорлик ва туғиш учун;
— болаларни парвариш қилиш учун;
— оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун.
Талабанинг академик таътил олиш ҳақидаги мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади ҳамда ОТМ ректори (директори)нинг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Академик таътил бериладиган талабалар аризасига (ихтиёрига) кўра ОТМ ректори (директори)нинг буйруғига мувофиқ, унинг ўқиши академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ёки масофавий ёки экстернат таълим шаклига ўтказилиши мумкин.
Академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган талабаларга илгари ўзлаштирилган фанларни қайта ўзлаштириш мажбурияти юклатилмайди.