Кеча, 16 октябрь куни президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси биносида “Эл-юрт умиди” жамғармаси 3-стипендия танлови ғолибларига сертификатлар тантанали топширилди.
Тадбир “Учинчи Ренессанс пойдеворини билимли, фидойи, ватанпарвар ёшлар билан бирга бунёд этамиз!” шиори остида ўтди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгашининг 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ танлов иштирокчиларининг 141 нафари “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилди. Энди ушбу стипендиатларнинг 56 нафари бакалавриат, 67 нафари магистратура ва 18 нафари докторантура таълим дастурлари бўйича дунёнинг етакчи ОТМларда ўз билим ва кўникмаларини оширишади.
Хусусан, уларнинг 42 нафари АҚШ, 52 нафари Буюк Британия,11 нафари Италия, 15 нафари Россия, 3 нафари Германия, 2 нафари Франция, 2 нафари Япония ва яна 14 нафари дунёнинг бошқа ривожланган давлатларига таълим олиши режалаштирилган.
Бугунги кунгача ушбу стипендиатларнинг 20 нафари хорижий давлатларда ўқишини бошлаш учун жўнаб кетган. Бакалавриат дастури бўйича 4 нафари, магистратура дастури бўйича 13 нафари ва докторантура таълим дастурлари бўйича 3 нафари АҚШ, Буюк Британия, Япония, Италия, Россия каби илғор давлатларнинг 18 дан зиёд университетларига таълим олиш учун юборилган.
Эслатиб ўтамиз, “Эл-юрт умиди” жамғармаси президентнинг 2018 йил 25 сентябрдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ва жадал ислоҳотларни хорижда замонавий таълим олган ва илғор профессионал тажрибага эга бўлган иқтидорли ва истиқболли кадрлар билан таъминлаш мазкур жамғарманинг асосий вазифаси ҳисобланади.