Поиск
RUUZ

Экономика

Жаҳон банки Ўзбекистонга шаҳарларни ривожлантириш учун $100 млн қарз беради

Қашқадарё ва Сурхондарёдаги шаҳарлар инфратузилмасини яхшилаш учун кредит жуда паст фоизда ва 30 йилга ажратилди.

1381views0replies
0

Молия вазирлиги

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги шаҳарларда “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида муниципал хизматлари ва инфратузилмани яхшилаш учун Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан 100 млн AҚШ доллари ажратиш тасдиқланди. Бу ҳақда UzNews.uz’га Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Ушбу пуллар Ўзбекистонга жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида берилмоқда.
Қайд этилишича, лойиҳада иштирок этадиган шаҳарларнинг якуний рўйхати вилоят ва шаҳар ҳокимликлари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг 6 ой ичида тасдиқланиши режалаштирилган. 
Лойиҳада сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш, электр инфратузилмаси ва кўчаларни ёритиш, автомобиль йўллари, пиёдалар ва жамоат транспорти зоналарини модернизация қилиш, жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, жамоат жойларини, боғларни, кўчаларни ва уларнинг тегишли инфратузилмасини реконструкция қилиш, тегишли аҳоли пунктлари ҳудудида маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишлари олиб борилади.
Тахминан 4 млн одам ёки ҳар иккала вилоятдаги умумий аҳолининг тахминан 70 фоизи учун такомиллаштирилган шаҳар инфратузилмаси ва муниципал хизматлар, шунингдек янги иш ўринлари яратадиган лойиҳа тадбирлари натижасида ишга жойлашиш имкониятларининг кенгайиши тўғридан-тўғри ёки билвосита фойда келтириши кутилмоқда.
“Кўпгина мамлакатлар урбанизация жараёнидан тараққиёт драйвери сифатида самарали фойдаланганлар. Буни Хитой, Жанубий Корея ва Таиланд мисолларида кўриш мумкин. Ўзбекистон шаҳар инфратузилмаси ва муниципал хизмат кўрсатиш соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиши ҳамда жамоат жойларини модернизация қилиши керак. Ушбу чора-тадбирлар шаҳарларни яшаш учун янада жозибадор ва иқтисодий жиҳатдан самарали бўлишига ёрдам беради”, - дея таъкидлади Марко Мантованелли. "Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари. “Мамлакатнинг ўрта шаҳарлари тез суръатлар билан ўсиб бормоқда ва хизмат кўрсатиш соҳасида ёшларга иш ўринлари яратиш салоҳиятига эга. Инфратузилма ҳамда вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг шаҳар хўжалиги ва муниципал хизматларни самарали бошқариш бўйича салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар шаҳарларни яшаш, ишлаш ва бизнес қилиш учун қулай жойларга айлантиришга ёрдам беради. Ушбу муҳим мақсадга эришишда ҳукуматни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз!”
1381views0replies
0

Комментарии