Бугун, 16 июнь куни Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш, Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид масалалар бўйича йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда МСК Матбуот хизмати UzNews.uz’га хабар берди.
Унда “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга биноан жорий йилнинг октябрида ўтказиладиган президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 млрд сўм этиб белгилангани маълум қилинди.
Қайд этилишича, харажатлар сметасини шакллантиришда халқаро сайлов стандартлари талабларидан, шунингдек, аввалги сайловлар тажрибасини таҳлилий ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда ушбу сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида маблағ талаб этиладиган барча жиҳатлар ҳисобга олинган.
Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларига 15 млрд 486 млн сўм ажратилади, шунда ҳар бир номзодга 3 млрд 97 млн сўмдан берилади.
Ушбу маблағлар қуйидагиларга ажратилади:
- 14 та округ сайлов комиссиясининг ҳар бирига 56 млн 991 минг сўмдан,
- қарийб 10 800 та участка сайлов комиссиясининг ҳар бирига 11 млн 813 минг сўмдан маблағ ажратилади.
Мажлисда округ ва участка сайлов комиссиялари учун ажратилаётган ушбу маблағларнинг 80 фоиздан кўпроғи мазкур комиссиялар аъзоларининг иш ҳақи, компенсация ҳамда ягона ижтимоий тўловлар учун сарфланиши қайд этилди. Пандемия шароитида сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ хавфсизлигини таъминлаш учун шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекцияловчи материаллар харидига доир маблағлар ҳам инобатга олинган.
Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишга эса “каскад” усулида ташкил этилган ўқув машғулотлари учун 18,4 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. Ушбу маблағнинг 92 фоизи тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг иш ҳақини ташкил этади.