Бугун президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида сайловчилар билан учрашув ўтказмоқда. Унда сўз олган Шавкат Мирзиёев Афғонистон ҳақида гапирди.
"Қўшниларимиз билан муносабатларни кузатиб турибсиз. 5 йиллик қисқа муддатда катта ютуқларга эришганимиз бор гап. Афғон муаммоси бизни жиддий ўйлантиради. Энг катта муаммо – Афғонистон шу қишни эсон-омон, очарчиликка дуч келмай, урушларсиз ўтказиб олиши. Ўйлайманки, ҳукумат тепасига келган янги кучлар ҳам ўз халқини ўйлайди", - деди президентликка номзод.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев пандемия оқибатида дунёда юзага келган салбий оқибатлар ҳақида сўз очди.
"Ҳеч қачон дунё иқтисодиёти бундай жиддий синовга дуч келмаган. Касаллик туфайли энг кучли давлатлар ҳам қийин вазиятга тушиб қолди. Биз шундай вазиятда ҳам иқтисодиётимизни сақлаб туришга ва ҳатто ўсишга эришдик. Албатта, пандемия талабларидан ҳаммамиз чарчадик. Пандемия даврида кўп давлатлар "эгоист" бўлиб кетди. Буни ҳам тушуниш мумкин, вазият оғир. Мен ҳам биринчи навбатда ўзимизнинг мамлакат тинчлиги, халқим фаровонлигини ўйлашим керак.
Мен ёшлар билан кўп учрашаман ва бир гапни айтаман – ҳар бир дақиқа ғанимат. Олган билимингиз ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Нажот билимда, муаллимда. Пойтахтимиз Тошкент бу бўйича намуна бўлади деб ишонаман", - дейди Шавкат Мирзиёев