Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков ўзбек-хитой вакцинаси хавфлилиги тўғрисида тарқатилган хабарлар асоссизлигини маълум қилди.
“Аксарият мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошлангач, ижтимоий тармоқлар ҳамда аҳоли орасида турли асоссиз, ҳеч қандай мантиқ ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган миш-миш ва ёлғон хабарлар тарқалиши авж олди.
Айниқса, Ўзбекистондаги эмлаш тадбирларида мутлақо иштирок этмаган ва мамлакатимизга олиб келинган вакциналар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган айрим юртдошларимизнинг чет элда туриб, халқимиз орасида вакцинага нисбатан ишончсизлик уйғотиши, унинг таркиби, инсон организмига таъсирлари ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиши ачинарли, албатта”, - дейди мутахассис.
Таъкидланишича, ушбу вакцинанинг сифати ва самарадорлиги мутахассислар томонидан тўлиқ исботланган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги икки кун ичида Ўзбекистонга ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 2 млн дозаси келтирилди.