Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Матбуот хизматининг хабар беришича, палатага ўзининг аъзоси бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мурожаат қилиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраган.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мурожжати ўрганиб чиқилганда, жамият ва Қозоғстонда фаолият юритувчи “KZ-Экспорт 2018” корхонаси ўртасида юк вагонларини ижарага бериш шартномаси имзоланганлиги, Қозоғстон корхонаси томонидан шартнома бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарилмаганлиги, яъни юк вагонлари ўз вақтида қайтарилмаганлиги натижасида жамиятга моддий зарар етгани аниқланди.
Қозоғстон корхонаси шартнома шартларини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида ҳисобланган жарима маблағларини ундириш юзасидан ССП томонидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилинган.
Тошкент шаҳар иқтисодий судининг қарори билан палатанинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, Қозоғстон корхонаси ҳисобидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фойдасига $44 580 миқдорида зарар ундириб берилган.