Тошкент шаҳар “тез ёрдам” хизмати мурожаатларга ўз вақтида жавоб бера олиши, тизимда иш самарадорлигини ошириш ҳамда беморларга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасида қандай ишлар қилинаётгани ҳақида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўраев маълумот берди.
Дониёр Бўраевнинг таъкидича, айни пайтда шаҳар “тез ёрдам” хизмати Call-марказига бир кунда ўртача 5 000-5 100 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда.
Жумладан, сўнгги беш кун ичида (8 июлдан-12 июлгача) 26 минг 421 та чақириқ келиб тушган. Бунда, пневмония белгилари кузатилган, коронавирусга гумон қилинган ёки ташхиси қўйилган ва бошқа юқумли касалликлар билан 2 минг 340 нафарга яқин беморга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилди.
“Аҳолининг “103” хизматига мурожаатлари сони ошиб бораётганлиги сабабли шу кунларда шаҳар “тез ёрдам” хизмати автопаркига 65 та янги автотранспорт воситаси олиб келинди ҳамда тиббиёт ходимларидан иборат қўшимча бригадалар ташкил этилди.
Шунингдек, чақириқларга ўз вақтида жавоб бериш, уларни тез тиббий ёрдам бригадаларига тезкор равишда узатиш ҳамда тармоқда бирон бир бандлик ҳолатлари кузатилмаслиги учун Тошкент шаҳар “103” хизмати Call-марказ операторлари сони қўшимча 40 нафарга оширилиб, жами 80 нафарга етказилди. Бу эса ўз навбатида тизимда иш сифатини янада яхшилаш имконини беряпти”, - дейди Дониёр Бўраев.
Қайд этилишича, қейинги вақтларда бир манзилга бир нечта жойдан қайта-қайта чақириқлар келиб тушмоқда. Яъни, битта беморга оила аъзолари, дўстлари, шунингдек, қўшнилари томонидан ҳам мурожаатлар қабул қилинмоқда. Бу каби ҳолатлар пандемия даврида шундоқ ҳам тиғиз тартибда фаолият юритаётган тез тиббий ёрдам хизмати ишини янада қийинлаштириб, “103” бригадаларига юкламалар ортишига сабаб бўляпти.
“Бугунги кунда “103” хизмати тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув тизимига эга бўлиб, аҳолидан келиб тушаётган ҳар бир чақириқ тизим базасига киритилади. Яъни, “тез ёрдам” чақириш учун бир марта мурожаат қилишнинг ўзи кифоя. Қайта чақириқларга эса ҳожат йўқ.
Шу боис, фуқароларимиздан бироз сабрли бўлишларини, шошқалоқлик билан қилинган нотўғри ҳаракат бошқа бир бемор ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлигини ёдда тутишларини истар эдим”, - дея қўшимча қилди Бўраев.