15 июль куни Отабек Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур жиноят иши Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди.
Эълон қилинган ажримга кўра, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги О. Сатторийга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгартирилди.
Унга кўра, суд ҳукмининг Термиз шаҳридаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус Бобоқулов Хамро Худаймуротович томонидан 2020 йил 2 июль куни KSH 032769 SV сонли реестр билан тасдиқланган Termiz Eko Ekspress loyiha МЧЖ раҳбари Шапулатов Тулқин Холтожиевич билан Сатторий Отабек Абдуманонзода ўртасида тузилган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар “Маърифат” маҳалласи Истиқлол кўчаси 6-уйда жойлашган 42-рақамли квартирани Сатторий Отабек Абдуманонзодага сотганлиги бўйича тузилган олди-сотди шартномасини ҳамда шу куни KSH 032770 SV сонли реестр билан тасдиқланган Termiz Eko Ekspress loyiha масъулияти чекланган жамият раҳбари Шапулатов Тулқин Холтожиевич билан Сатторий Отабек Абдуманонзода ўртасида тузилган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар “Маърифат” маҳалласи “Истиқлол” кўчаси 6-уйда жойлашган 44-рақамли квартирани Сатторий Отабек Абдуманонзодага сотганлиги бўйича тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топилди.
Шунингдек, бу билан боғлиқ Termiz Eko Ekspress loyiha МЧЖ Т.Шопулатовдан судланувчи О. Сатторий фойдасига 234 млн 835 минг сўмни ундириш қисми бекор қилинди.
Шу билан бирга, Т. Шопулатовга ушбу ҳолат юзасидан фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
О.Сатторийга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўташ муддати 2021 йил 30 январь кунидан бошлаб ҳисобланиши белгилади.
Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.