Поиск
RUUZ

Политика

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференцияда нутқ сўзлади

“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.

604views0replies
0

president.uz

Тошкент шаҳрида 16 июль куни “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Афғонистон президенти, Покистон бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирокидаги конференцияни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев очиб берди.
Унда, президент Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари ўз нутқида тарихий алоқаларни тиклаш муҳимлигини, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. 
Қайд этилишича, “Термиз - Мозори Шариф – Кобул – Пешовар“ темир йўлининг қурилиши архитектурада муҳим бўғин бўлади. У икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш масофаси ва вақтини анча қисқартиради. Шу боисдан ҳам, бу лойиҳа иштирокчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари, савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш борасида қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафелигида минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиб, қўшма дастур ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.
Шунингдек, экологияни асраш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш долзарблиги қайд этилди.
Илмий ва маданий-гуманитар алмашинувларни кўпайтириш дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шу йўналишда "ЮНЕСКО" шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш таклиф этилди.
Шавкат Мирзиёев Тошкентда очилган Марказий Осиё халқаро институти негизида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган экспертлар гуруҳи тузишни таклиф этди.
“Биргаликда барқарор ривожланиш истиқболлари бўйича аниқ ёндашувга эга бўлишимиз лозим. Олдимизда Марказий ва Жанубий Осиёни, бутун Евроосиё қитъамизни биргалашиб барқарор, иқтисодий тараққий этган ва фаровон маконга айлантириш мақсади турибди”, – деди Ўзбекистон президенти.
Конференция ўз ишини давом эттирмоқда.
Форумнинг ялпи ва шўъба мажлисларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган имконият ва ташаббуслар муҳокама қилинади.
Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиладиган бўлди.
604views0replies
0

Комментарии