Элчи Жавлон Ваҳобов Ўзбекистоннинг қароргоҳи АҚШда бўлган Бразилиядаги Фавқулодда ва Муҳтор элчиси сифатида Бразилиянинг АҚШдаги элчиси Нестер Форстерга ишонч ёрлиғини топширди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Маросимдан кейин Жавлон Ваҳобов ва Нестер Форстер ўртасида алоҳида суҳбат ташкил этилган. Нестер Форстер ўзбек дипломатини янги тайинлов билан табриклаб, Бразилияда сақланиб қолаётган пандемия ҳолати муносабати билан, шунингдек, Ўзбекистон элчисининг Бразилия Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтишдаги кечикишларнинг олдини олиш мақсадида Бразилия ТИВ раҳбарияти номидан ишонч ёрлиғи нусхасини олиш ваколати топширилганини маълум қилган.
Нестер Форстер Ўзбекистон – Бразилия муносабатларини ҳар томонлама ривожлантириш учун барча зарурий саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлигини, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларида қўшма савдо-иқтисодий лойиҳаларни ишлаб чиқишга қизиқишини ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳасида шериклик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, Жавлон Ваҳобов 2017 йилдан бери Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси сифатида ишлаб келмоқда.
Жавлон Ваҳобов шунингдек, Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи - Вашингтонда) ҳам ҳисобланади.