Кеча, 20 октябрь куни Халқаро медиа-холлда “Қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш-мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги гаровидир” мавзусида мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда бош прокурорнинг ўринбосари Светлана Артикова, Олий суд, Адлия вазирлиги, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва бошқа қатор ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди.
Қийноқлар давом этиш ёки этмаётганлиги, Ўзбекистон ҳусусида эълон қилинган хорижий ҳисоботларга расмийларнинг фикри борасидаги саволга бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова қуйидагича жавоб берди.
“Афсуски беш қўл баробар эмас. Ўзбекистонда ҳам инсоннинг ҳуқуқи бузилади. Лекин бир нарсага алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Энг асосийси ўзимизнинг давлатимизни ўзимиз қуряпмиз. Халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш учун биз бир қатор конвенцияларни русификация қилдик. Мана, ОАВ орқали эшитаётганлар яна бир қайтараман эшитинглар, қийноққа солган инсон албатта 10 йилга қадар озодликдан маҳрум қилинади”, - дея таъкидлади Светлана Артикова.