Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев жиззахлик сайловчилар билан учрашувида ўзининг 5 йиллик дастури бўйича қилинадиган ишлар ҳақида гапирди.
Тез тиббий ёрдам учун 100 дан зиёд Damas'лар Жиззахда ишлаб чиқарилаётган Volkswagen машиналарига алмаштирилади.
Тоғли ва олис ҳудудлар учун тиббий вертолёт фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу мақсадлар учун келгуси беш йилда бюджетдан 2,1 триллион сўм маблағ ажратилади.
Жиззахда, қайд этилишича, 1,5 мингга яқин врачларга эҳтиёж мавжуд. Шу мақсадда, тиббиёт олийгоҳларида ўқиётган 1 минг 200 нафар жиззахлик талабаларни ўз ҳудудларида ишга жалб этиш учун қулай шароит яратилиши айтилди. Улар билан шартнома тузилиб, таълим контракт пуллари ҳокимликлар томонидан тўлаб берилади.
Бундан ташқари, яна қўшимча 6 та олис қишлоққа ишлашга борадиган ёш шифокорларга ҳам 30 миллион сўмдан берилади.