Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама тўғрисидаги қонунга риоя этилиши ва истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни рекламада ишлатмаслик учун ижтимоий тармоқ фаол фойдаланувчилари, блогерлар, вайнерлар, стриммерлар ва Giveaway ташкилотчиларига эслатма хатларини юборди.
Қайд этилишича, Giveaway’да ваъда қилинган машина ёки бошқа ютуқларнинг ғолибларга берилмаслик ҳолатлари ҳақида ижтимоий тармоқларда салбий фикрлар билдирилган.
Бунга сабаб, ташкилотчилар ўзларига тегишли бўлмаган моддий бойликларни совға сифатида таклиф қилиши, рекламаларда IPhone’ларнинг шунчаки қутиларини кўрсатаётгани, машина ва ҳатто уй ҳам бош совринга қўйилиб, улар эса “ўзгача” усулда ютуқ эгасига берилаётганлиги таъкидланган.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламада фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблар ҳисобланади.
Шунингдек, иштирок этиш учун муайян маҳсулотни олиш шарти қўйилган рағбатлантирувчи лотерея, танлов, ўйин ёки шунга ўхшаш бошқа тадбир ўтказиш уни ўтказиш қоидалари ва муддатлари, бундай тадбир ҳақидаги ахборот манбаи, мукофотлар ёки ютуқлар миқдори, уларни олиш муддатлари, жойи ва тартибини кўрсатмаган ҳолда реклама қилиш тақиқланади.
Мазкур қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши натижасида истеъмолчини чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган нотўғри реклама тақиқланади.