18 июль куни Самарқанд шаҳри “Шуҳрат” ресторанида куёвжўралар ва ресторан ишчилари ўртасида жанжал содир бўлди.
Ўзаро муштлашувда 19 ёшли ресторан администратори Яҳёев Яҳёбек, унинг акаси ва ҳатто аёллар ҳам калтакланди, дея хабар берди Bu kun кўрсатуви мухбири.
Аниқланишича, ресторан ходимлари “банкет” бошланишидан анчча олдин келган икки аёлнинг иссиқда қолмаслиги учун алоҳида залга киришга рухсат бериши ортидан жанжал бошланган. Куёвжўралар ҳам кирмоқчи бўлган ва жанжал катта муштлашувга айланиб кетган.
Жанжалдан кейин 19 ёшли Яҳёев Яҳёбек мияга қон қуйилиши аломатлари ҳамда тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Айни пайтда унинг аҳволи ўртача, дея баҳоланмоқда.
Ресторан ходимлари эса жанжал бўйича бир киши тергов қилинаётганидан норози.
“Урганлар 6-7 киши эди. Ҳозир бир кишини тергов қиляптикан. Қолганлар сувдан қуруқ чиқадими?” – дейди ресторан ишчиси.
Қайд этилишича, тергов давомида жанжалнинг бошқа иштирокчилари хатти-ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноий иш очилиб, тергов олиб борилмоқда. Гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.