Ижтимоий тармоқларда эркак кишининг аёлга нисбатан куч ишлатилганлиги акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеода аёл эрининг хатти-ҳаракатлари сабаб ўзини автомобиль тагига ташламоқчи бўлганини, ҳодисага Spark ҳайдовчиси аралашиб, аёлни ҳимоя қилиш мақсадида эркакни урганини кўриш мумкин.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилди.
Аниқланишича, 30 июль куни соат тахминан 11:00 ларда 35 ёшли Ҳусан Ф. хотини 30 ёшли Мафтуна О. билан бирга Учтепа тумани Чўпонота кўчасида кетаётган вақтида ўзаро жанжаллашиб қолишади.
Оқибатда Ҳусан Ф. хотини Мафтуна О.га нисбатан куч ишлатиб, сочидан тортган. Ҳолат бўйича Мафтуна О. ИИОга мурожаат қилмаган.
Учтепа тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан ўтказилган профилактик суҳбатда Мафтуна О. турмуш ўртоғига нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқлигини, 2 нафар фарзанди борлигини ва ўзаро ярашиб олишганлигини маълум қилган ва ҳимоя ордери олишдан бош тортган.
Ҳусан Ф. қилган ишидан пушаймонлигини, жаҳл устида хотинига куч ишлатганлигини ва ҳозир ярашиб олганлигини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.