Сурхондарё вилояти ИИБ Матбуот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 31 июль куни соат 22:30 ларда вилоятнинг Узун туманида Сариосиё туманида яшовчи фуқаролар А.О., Ш.Д., Б.Ш., Н.А. ва Р.Ш. Ўзбекистон маҳалласи Ўзбекистон кўчасида жойлашган чорраҳа ёнида вояга етмаган Р.С.ни ҳеч бир сабабсиз уриб-дўппослаган.
Шу вақтда яқин ўртада хизмат вазифасини ўтаётган Узун тумани ИИБ ходимлари жанжални бартараф этишга уринган.
Аммо, безорилар ИИБнинг 2 нафар ходими С.М. ҳамда С.Қ.ларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга қасддан тан жароҳати етказишган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар А.О., Ш.Д., Б.Ш., Н.А., Р.Ш ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.